2014-йил 28-Июнь "Биз буюк юрт фарзандларимиз!” шиори остидаги ёшлар фестивали доирасида Ғиждувон туманида ўтказилган "Депутат ва ёшлар” лойиҳасида ҳам ёшлар ўзларини жамиятнинг олдинги сафларида юришларини исбот этишди. Сенатор ва депутатлар, ҳуқуқшунослар иштирокида ташкил этилган мазкур лойиҳада ёшлар бўш вақтларини мазмунли ўтказишларини таъминлаш, ўзларини қийнаётган айрим муаммоларга эътибор қаратилиши лозимлигини дадил баён этишди. Шунингдек, фестиваль доирасида ўтказилган "Виждонли сотувчи” акциясида ҳам Камолот ва Камалак сардорлари ўзларининг жамиятнинг ажралмас бир муҳим бўлаги эканликларини амалда кўрсатиб беришди. Мазкур акция доирасида тумандаги бир неча дўконларга рейд уюштирилди. Тумандаги "Ғовшун” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги футбол майдонида ташкил этилган футбол-шоуда эса туман ёшлари севимли санъаткорлари билан бир майдонда тўп суришди. Гала-концертда хушовоз хонандалар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар томошабинларга ширин таассуротларни инъом этди.