"Ягонасан, муқаддас Ватан!" мусиқа кўрик-танловининг финал босқичи бўлиб ўтди. Республиканинг вазирликлари, "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси ва бошқа ташкилотчилар тизимларида ўтказилган дастлабки босқичларида жами 77324 нафар номзод иштирок этиб, ўз ижод намуналарини кенг оммага ҳавола этдилар. Танлов жараёнида ҳаваскор ва профессионал ижрочилар чиқишларини тўғри ва адолатли баҳолаш, улар томонидан ижро этиладиган қўшиқларнинг шеър матни савияси, мусиқасини, ижро маҳоратини,танланган либослари ҳамда саҳна маданиятини нуфузли Ҳакамлар ҳайъати аъзолари баҳолаб бордилар.
Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси раиси ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, бастакор, Ҳайъат Раиси Ҳабибулла Раҳимов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси биринчи ўринбосари, Ўзбекистон Халқ шоири, Сирожиддин Сайид, Ўзбекистон Халқ артисти Муножот Йўлчиева, Ўзбекистон Халқ артисти Мансур Тошматов, Ўзбекистон Халқ артисти Аваз Ражабов, Ўзбекистон Халқ шоири Маҳмуд Тоир, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори Ойдин Абдуллаева эса, Ҳайъат аъзолари бўлдилар. Маданият ва спорт ишлари вазирлиги Ижодий бирлашмалар ва халқ ижодиётини ривожлантириш бошқармаси бош мутахассиси Фурқат Мусурмонқулов эса, Ҳайъат котиби бўлди.